Айни кунларда юртимиздаги фаол тадбиркорларнинг аҳоли билан учрашувлари ташкил этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими ҳамда Жиззах шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида шундай тадбир бўлиб ўтди.
Учрашув Жиззах шаҳрида жойлашган “New land” МЧЖда ўтказилиб, унинг раҳбари Фаррух Алиқулов аҳоли билан мулоқот қилди.
Мазкур ишлаб чиқариш корхонаси 2018 йилда фаолиятини бошлаган ва бугун маҳсулотларини 100 % МДҲ ва Европа давлатларига экспорт қилмоқда. Учрашув давомида тадбиркор фаолиятини қай тартибда бошлагани, енгил саноатда ривожланиш учун нималарга аҳамият бериш лозимлиги ҳақида ўз тажрибалари билан ўртоқлашди. Шунингдек, жаҳон бозорини ўрганиш ва таҳлил қилиш маҳсулотлар сифатини оширибгина қолмай, ишчилар меҳнат шароити яхшилаш, брендни дунёга танитишга ҳам ёрдам беришини эътироф этди.
- Жиззах вилоятида саноатнинг бошқа тармоқлари қатори енгил саноат - тўқимачилик ҳам ривожланиб бормоқда, - дейди Фаррух Алиқулов. - Қисқа вақт ичида айни соҳада фаолият юритувчи корхона-фабрикалар сони ошиб, уларнинг аксарияти жаҳон бозорига маҳсулот етказиб берувчи экспортор сифатида тан олинмоқда.
Учрашув сўнгида йиғилганлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.