Инсонни бу дунёда нима танитади, инсондаги қайси фазилат ёки амал уни элига суюкли кўрсатиши мумкин? Аввало инсонда самимийлик, одамохунлик, бағрикенглик, ўз навбатида соҳир қалб ва теран тафаккур бўлмоғи керак. Биз бу каби инсонларни биргина сўз билан яхши инсон деймиз. Ҳаёти давомида доим мана шу хислатларни умр мазмуни деб билган Саъдулла Ҳаким ҳақида унинг ҳамкасблари, шогирдлари яхши инсон эди деб хотирлайдилар. Дарвоқе, ижодининг айни гуллаган даври ҳурфикрлик, мустақиллик йилларига тўғри келган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Саъдулла Ҳаким ҳам публицист, ҳам шоир сифатида қарийб 50 йиллик ижодий фаолиятини мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, ўзбек ўеърияти ва таржиманавислигини ривожлантиришга бағишлади. Агар бугун ҳаёт бўлганида 70 ёшни қаршилайдиган ижодкор 1951 йил 25 мартда Жиззах вилояти Фориш туманидаги Гараша қишлоғида таваллуд топган.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ташаббуси билан ташкил этилган адабий-маърифий тадбирда шоир Саъдулла Ҳакимнинг ҳаёт йўли ва меҳнат фаолиятининг ўзига хос қирралари, Саъдулла Ҳаким шеъриятидаги Она Ватан васфи, соф инсоний туйғулар, фазилатлар тараннуми тилга олинди.
Ҳақиқатан ҳам, шоир Саъдулла Ҳаким фаолияти давомида давлат бошқаруви ҳамда матбуот соҳасида самарали хизмат қилиш билан бирга, “Ҳамал тонглари” “Сен кутган баҳор”, “Ёз оқшоми”, “Она сўз”, “Кўнгил юзи”, “Кўҳна нақл” каби ўнлаб шеърий тўпламларни назм мухлисларига тақдим этди, Гёте, Пушкин, Лермонтов, Есенин, Юнус Эмро каби шоирларнинг асарларини ўзбек тилига муваффақиятли таржима қилди. Шу маънода хотира кечасида унинг қаламига мансуб шеърлар ўқилгани, қўшиқ бўлиб куйланган сатрлар ижрога кўчгани барчада илиқ таассурот қолдирди. Тадбирда иштирок этган шоир Саъдулла Ҳакимнинг турмуш ўртоғи ва фарзандлари кўрсатилган эҳтиром учун миннатдорчилик изҳор этишди.
Эътироф этилганидек, Саъдулла Ҳаким илҳомёр шоир эди. У умри давомида Яратганнинг Ўзи ато этган шоир табиати, дил қўшиқлари билан одамлар қалбидан ўрин олди. Энди мана шу меҳру эътибор шоирнинг доим жилмайиб турадиган самимий чеҳрасини шогирдлари, яқинлари, шеър ихлосмандлари қалбида бир умрга ёритиб тураверади.
Дилмурод Абдураҳимов,
журналист