Қизиқарли:
Ёш журналистлар ижоди

Вафодор дўст

Поделиться:

 

«Агар тақдир одамга саховат кўрсатиб,дунёдаги энг буюк бахтни тортиқ қилмоқчи бўлса, унга садоқатли дўстлар инъом этади» (Э.Телман)

 

Оллоҳ яратган ўн саккиз минг олам ичинда энг буюк ҳилқат бўлмиш инсонга, ҳаёт аталмиш бепаён йўл аро турфа хил инсонлар ҳамроҳ бўлар экан. Уларнинг баъзилари ўз зиёси ила мана шу ҳаёт йўлининг қоронғу манзилларида мисли бир йўлчи юлдуз бўлса, баъзилари қилган амаллари билан сизни кимсасиз зулматлар томон элтади.

 

Ҳаёт йўлининг мана шундай турфа масканларида садоқатли дўстларга ҳар қачонгидан кўпроқ суянасан, киши. Дўст - шундай бир илоҳий хазинаки, ҳаёт йўлинг, ташвишли ва севинчли кунларинг у билан тотли. Чинакам садоқатли дўст бу Оллоҳнинг неъматидир. У кўпчиликка ҳам насиб этавермайди. Ҳатто шундай садоқатли, солиҳ дўст сизни қиёмат куни жаҳаннамда шафоат қилар экан. Эътиборингизга бир ҳикоятни ҳавола этмоқчиман.

 

Ҳасан Басрий Раҳимаҳуллоҳдан:

 

«Энди бизлар учун на оқловчи ва на бирор қадрдон дўст бордир».

 

Шуаро сураси 100-101 оятлар ҳақида сўралганда шундай дедилар:

 

«Бу қиёмат куни бўлади. Жаҳаннам аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга кириб бўлгандан кейин, жаннат аҳлидан бир киши:

 

- Эй Роббим, фалончи ҳамроҳим қаерда, фалончи дўстим қаерда? Уни жаннатда кўрмаяпманку?! - дейди. Шунда унга:

- У дўзахда, - дейилади. Шунда ҳалиги киши:

 

- Эй, Роббим, Ё Парвардигоро! Унинг ёнимда эмаслиги сабаб жаннат менга татимаяпти, - дейди. Шунда Оллоҳ Таоло унинг дўстини дўзахдан чиқаришга буйруқ беради. У дўзахдан чиқиб, жаннатга кираркан дўзах аҳли:

 

-Уни ким шафоат қилди, уни ким чиқарди? Унинг солиҳ амали борми? - дейдилар.

- Йўқ, - деб жавоб берилади.

- Унда шаҳид отаси ёки шаҳид акаси шафоат қилдими? - дейдилар

- Йўқ - дейилади.

- Унда Пайғамбарлар ва Расуллар шафоат қилишдими? - дейдилар.

- Йўқ, уни солиҳ бир дўсти шафоат қилди, - дейилади.

Шунда дўзах аҳли фарёд қилишади ва:

- Энди бизлар учун на оқловчи ва на қадрдон дўст бордир. Бас қанийди яна бир марта яшашнинг иложи бўлсаю, бизлар ҳам мўминлардан бўлсак, -дейдилар. - Кошки дунёга бир зум бўлсада, қайтарилсагу, яхши инсонлар билан танишсак, - дейдилар.



Ҳасан Басрий Раҳимаҳуллоҳ:

«Мўмин дўстларни кўпайтиринглар, қиёматда улар шафоат қиладилар», - дейдилар.Сизни жаннатга етаклаган дўст чин вафодордир! Оллоҳ бизни жаннатда жам қиладиган дўстлардан қилсин!

 

Зиёда Тошбекова,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Жиззах вилоят бўлими қошидаги

“Ёш журналистлар” мактаби тингловчиси