Қизиқарли:
Янгиликлар / Сиёсат / Лойиҳалар

Глобал фуқаролик тарғиб қилинди

Поделиться:

Глобал фуқаролик халқаро ҳамжамият ва ягона инсониятга даҳлдорлик ҳиссини англатади, унинг аъзолари эса глобал даражадаги бирдамлик ва жамоавий жавобгарлик туйғусини англаш хусусияти билан ажралиб туради.


Жиззах давлат педагогика институтида ўқув юртининг ўқитувчи ва ёш илмий ходимлари учун ташкил қилинган семинар-тренингда асосий масала глобал фуқароликнинг тарғиботига қаратилди. Институт Ахборот хизмати ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Жиззах вилояти бўлими ҳамкорлигида уюштирилган мазкур семинар-тренинг глобал фуқароликнинг инсон қадр-қимматини ҳурмат қилиш, халқаро ҳамжиҳатликка эришиш, бағрикенглик, маҳаллик, ҳудудий глобал боғлиқликни англаш, халқларнинг бирдамлиги асосларини англаш, диний бағрикенглик асосларини тушуниш каби эзгу мақсадлари тарғиботига бағишланди.

- Бу каби семинар-тренинглар талаба ёшларни бугунги глобаллашув даврида турли ёт ғоялардан асрашда, ижтимоий тармоқлардан тўғри ва самарали фойдаланишни тарғиб қилишда ўта муҳим. – деди семинар-тренингни очиб берган институт проректори Сарвар Назарқосимов. - Глобал фуқаролик таълими талабаларни глобал муаммолар ва ечимларда фаол иштирок этишга тайёрлаш ва тинчроқ, бағрикенг, инклюзив ва хавфсиз дунёга фаол ҳисса қўшишга хизмат қилади.

Тренерлар - журналистлар ижодий уюшмаси Жиззах вилояти бўлими мутахассиси, медиатренер Нодира Алимова ва институт матбуот котиби Гулчеҳра Шариповалар томонидан ўтказилган тадбир давомида ижтимоий тармоқларда ёритилаётган материаллар орқали терроризм тарғиботининг вайронкор таъсири қандай амалга оширилаётгани, фуқароларнинг радикаллашуви сабаблари, ушбу муаммоларни бартараф этиш ва ахборот соҳасида таҳдидларнинг олдини олиш, “Бағрикенглик”, миллатлараро ва динлараро тушуниш ғояларини илгари суриш ва жамиятда маданий хилма-хилликни янада ривожлантириш, мамлакатда тинчлик ва барқарорликни сақлашга фаол таъсири бўйича видоероликлар ва кўргазмали тақдимотлар намойиш этилди.Шунингдек, глобал фуқаролик жамиятини қуришдаги иқтисодий, экологик, ижтимоий, инсоният келиб чиқишини илдизларини тушунмаслик ва билмаслик каби глобал муаммоларни бартараф этишдаги фуқароларнинг бурчи ва масъулият ҳақида иштирокчилар ўзаро фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.