Қизиқарли:
Янгиликлар

ЖИЗЗАХ ТEАТРИ ЮЗ ЁШГА ТЎЛДИ

Поделиться:


Тарихга назар солар эканмиз, 1921 йил театр дастлаб Жиззах (ҳозирги Шароф Рашидов) туманидаги Москва (ҳозирги Ҳамроқул Носиров) хўжалиги, Алишер Навоий кўчасидаги Мамараҳим ҳожининг уйида театр тўгараги кўринишида ўз фаолиятини бошлаган. Ушбу тўгарак кейинчалик Жиззах вилоят мусиқали драма театрининг ташкил топишига асос бўлган. Театр тўгарагига “КЎК КЎЙЛАКʼʼ труппаси номи берилган. Кейинчалик труппа Самарқанд вилоят колхоз-совхоз театрига айлантирилган ва Самарқанд ва Сурхандарё вилоят мусиқали драма театри ихтиёрига ўтказилган.


Сирдарё вилоятининг ташкил топиши муносабати билан Жиззах шаҳридаги Нуриддинҳожи мадрасасида фаолият юритиб келаётган халқ театри Сирдарё вилоят мусиқали драма театрига айлантирилган. Жиззах вилоятининг ташкил топиши муносабати билан эса Жиззах шаҳридаги Сирдарё вилоят мусиқали драма театри Жиззах вилоят мусиқали драма театрига айлантирилиб, театрга Юнус Ражабий номи берилган ҳамда 1979 йилда театр янги (ҳозирги) бинога кўчиб ўтган.


2017 йилда театрга Жиззах вилоят мусиқали драма театри мақоми берилган. Шу йили мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан атоқли Давлат ва сиёсат арбоби Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини юқори савияда нишонлаш учун театрнинг асосий биноси реконструкция қилиниб таъмирланган ва энг замонавий жиҳозлар ўрнатилган. Ҳозирги кунда театрда 550 кишига мўлжалланган томоша зали мавжуд.


Бугунги кунда театрда кўплаб ижодий ходимлар меҳнат қилаётган бўлса, шулардан беш нафари Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист унвонига сазовор бўлган устоз санъаткорлар – Олия Эштўхтарова, Жамила Дехқонова, Жўра Исроилов, Абдусоли Норматов, Раиса Абдуллаевалардир.


Театрда мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан то шу даврга қадар 150 га яқин турли жанр ва мавзулардаги саҳна асарлари яратилган. Айни пайтда театр репертуаридан 20 га  яқин спектакллар ўрин олган. Булардан Г.Г.Маркеснинг “Ошкора қотилликʼʼ, С.Хамроевнинг “Баҳодирʼʼ, А.Ориповнинг “Жаннатга йўлʼʼ, Ч.Айтматовнинг “Чингизхоннинг оқ булутиʼʼ, А.Чеховнинг “Айиқʼʼ, О.Салимовнинг “Тошкентга саёхатʼʼ, Н.Қобилнинг “Тўдаʼʼ, М.Осимнинг “Тўмарисʼʼ, Н.Аббосхоннинг “Авлиё”, Х.Тўхтабоевнинг “Сеҳирли қалпоқчаʼʼ ва шу каби кўплаб спектакллар томошабинлар эътиборига ҳавола этиб келинмоқда. Театр жамоаси ҳар йили Республика миқёсида ўтказиб келинаётган кўплаб танловларда ҳам муваффаққиятли иштирок этиб келмоқда.


Театрнинг ижодий жамоаси бу қутлуғ санани муносиб нишонлаш, театр репертуарини сермазмун саҳнаасарлар билан бойитиш борасида ижодий изланиш олиб бормоқда.


Миржалол Шайзаков

театр ёш актёри, Журналистлар ижодий уюшмаси

Жиззах вилоят бўлими қошидаги

«Ёш журналистлар» мактаби тингловчиси