Қизиқарли:
Янгиликлар

Янгиобод туманида "Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!ʼʼ шиори остида маданий тадбир ташкил этилди

Поделиться:



Жиззах вилоятининг энг чекка туманларидан бири ҳисобланувчи Янгиободда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни санъат ва спортга жалб қилиш борасида кўпгина ишлар олиб борилаётганига ушбу туманга сафаримиз чоғида гувоҳ бўлдик. Спорт соҳасида кўплаб ютуқларга эришган янгиободлик ёшлар билан танишдик, қолаверса, санъат соҳасида ҳам нафақат ёшлар балки ёши улуғлар ҳам қизғин ижод қилиб келаётгани бизни қувонтирди.


 
Тумандаги 19-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида маданият маркази томонидан ташкил этилган тадбирда ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш, уларнинг таклиф ва муаммоларини ўрганиб, ҳал этиш, шунингдек, эътиборга муҳтож ёшлар билан манзилли ишлаш, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусни амалга ошириш ва ижросини таъминлаш, азалий қадриятларимизни акс эттирувчи фольклор санъатини кенг тарғиб қилиш масалаларига эътибор қаратилди.



Тадбирда Жиззах вилояти маданият бошқармаси ходимлари, туман мутасадди раҳбарлари ва ушбу туманда истиқомат қилаётган аҳоли вакиллари иштирок этди. Тадбир доирасида турли кўргазмалар ташкил этилиб, истеъдодли ёшларнинг ижроларига гувоҳ бўлинди.



Шундан сўнг вилоят мусиқали драма театри актёрлари томонидан буюк аждодларимиз Жалолиддин Мангуберди ва Соҳибқирон Амир Темур сиймолари акс эттирилган ватанпарварлик, мардлик ва фидойилик руҳидаги саҳна кўринишлари намойиш этилди. Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Давлат Филармонияси вилоят бўлими ва анъанавий мақом ансанбили хонандалари томонидан шўх куй-қўшиқлар ҳам ижро этилди.

Миржалол Шайзаков

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси

Жиззах вилоят бўлими қошидаги

“Ёш журналистлар” мактаби тингловчиси.