Қизиқарли:
Дунё

Европада коронавируснинг янги штаммлари тарқалаётгани пандемияни узайтириши мумкин

Поделиться:

Европада коронавируснинг янги штаммлари тарқалаётгани пандемияни узайтириши мумкин деб ҳисобланмоқда. Мутахассислар янги чекловлар жорий этилиши эҳтимоли ҳам мавжуд деган фикрда.


Фото: AFPTV

Ҳозирда Франциянинг шимоли ва шимоли-шарқий ҳудудларидаги вазият хавотирларга сабаб бўлмоқда. Мутахассислар Дюнкерк ҳамда Мозелда оқава сувлардан коронавирусга таҳлиллар олишяпти. Бинобарин, чиқиндилардаги вирус зарраларининг кўпайиши кўплаб беморларда "COVID-19" аломатлари пайдо бўлишидан аввал рўй бермоқда. Мониторинг эса хавф ҳақида аввалдан огоҳ бўлиши имконини беради деб ҳисобланяпти.


"Тадқиқотлар натижалари бўйича коронавируснинг янги штаммлари энг кўп тўпланган жойлар хариталари тузилади. Шу билан бирга аҳолидан вирусга таҳлил олиш жараёни ҳам жадаллаштирилиб, одамларни огоҳ қилишга асосий эътибор қаратилади. Бош мақсадимиз – аҳолининг санитария муҳофазасини ошириш", - дейди Мозель префектураси бош котиби Оливье Делькеру.


Мозелда коронавируснинг жанубий африка ҳамда бразилия штаммлари тарқалаётгани расмийлари хавотирга солмоқда. Ҳозирда мавжуд вакциналарнинг янги штаммларга самарадорлиги бўйича эса ҳозирча илмий маълумотлар етарли эмас. Дюнкеркда эса британча штамм тарқалиб бормоқда.


“Ҳозирги кунда Дюнкерк ҳудудида рўйхатга олинаётган ҳолатларнинг 80 % и ковиднинг британча штамми билан боғлиқ. Коронавируснинг бу кўриниши ўта юқумли экани Дюнкеркда касалланиш ҳолатлари сони кескин ўсишига олиб келди. Шифохоналаримиз беморлар билан тўлган”, - дейди Дюнкерк мери Патрис Вергрьет.


Европа касалликлар профилактикаси ва назорати маркази коронавируснинг юқумлироқ штаммлари кенг ёйилаётгани юзасидан Европа иттифоқига аъзо давлатларни жамоат соғлиғини сақлаш бўйича тезкор ҳамда қатъий чоралар кўришга чақирди. Маълумотларга кўра, Англияда аниқланган "В117" штамми Ирландиядаги касалланиш ҳолатларининг 75 % ини ташкил этади ва бошқа мамлакатларда ҳам унинг улуши ортиб бормоқда. Жумладан, Португалияда британча штамм умумий касалланиш ҳолатларининг 45 % ида, Нидерландияда 30 % ида ҳамда Данияда 27 % ида қайд этиляпти. Эпидемиологлар одамларни оммавий эмлаш пандемия билан курашда катта фойда беради, аммо жамоавий иммунитет шакллангунига қадар профилактика ва чеклов чораларини унутмаслик лозим деган фикрда.