23 июнь куни АОКА ташаббуси билан Тошкент шаҳридаги «International Hotel» меҳмонхонасида «Ахборот хизматлари фаолияти: очиқлик, тезкорлик ва холислик бош мезон» мавзусида миллий конференция бўлиб ўтди.
Анжуманда 180 га яқин вазирлик ва идоралар, давлат ташкилотлари ҳамда ҳокимликлар ахборот хизматлари иштирок этди.
Тадбирда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев ҳамда директорнинг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджанов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси Илҳом Абдуллаев, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олим Ўсаров, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети проректори Равшан Раимжонов ўз маърузалари билан қатнашди.
Асаджон Ходжаев 2019 йил 27 июндаги ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантиришга оид Президент қарори матбуот котибларининг ҳуқуқий мақоми, роли ва аҳамиятини белгилаб берганини таъкидлади. Хусусан, республика аҳамиятига молик жами 280 дан ортиқ идора, муассаса, бошқарув органлари, вилоят, туман шаҳар ҳокимликларида биринчи марта, 98 та давлат органи ва ташкилотида эса қайта ахборот хизматлари ташкил қилингани айтилди.
Таъкидланишича, қарор қабул қилинган даврда танқидларга муносабат билдириш даражаси республика миқёсида 12 фоизни ташкил қилган бўлса, 2019 йилнинг декабрь ойида бу кўрсаткич 83 фоизгача кўтарилган. 2021 йилнинг апрель ойида эса 97 фоизли кўрсаткич қайд этилган.
«Асосий мақсадимиз — давлат органларининг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини таъминлаш. Бу орқали аҳолининг давлатга ишончи, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги ортади. Шунинг учун ахборот хизматлари ташкилот фаолияти очиқлигини таъминлаши, оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорлик қилиши ва уларнинг сўровларига ўз вақтида жавоб бериши керак», — деди АОКА директори.
Қонунчилик палатаси қўмита раиси Илҳом Абдуллаев соҳани либераллаштиришга доир меъёрий-ҳуқуқий асослар, жумладан, 16 июндаги «Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони хусусида тўхталиб ўтди. Ушбу Фармонга биноан 2021 йил 1 декабрдан бошлаб ҳар йил якуни бўйича давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг Очиқлик индекси аниқланиши, бу матбуот котибларига юклатилган масъулиятни янада оширишини таъкидлади.
Конференция доирасида бугунги ахборот маконидаги долзарб масалалар юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир якунида самарали меҳнат қилган, фаол ва ташаббускор матбуот котибларига фахрий ёрлиқлар ҳамда эсдалик совғалар топширилди.