Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими ҳамда “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиали ҳамкорлигида 2 кунлик пресс-тур ташкил этилди.
Тадбирда иштирок этган журналист ва блогерлар дастлаб тоғли ва олис ҳудудларга суюлтирилган газ етказиб бериш жараёнлари билан танишдилар. Хусусан, Зомин тумани “Лайлак уя” маҳалласида жойлашган суюлтирилган газ тўлдириш шоҳобчаси дастлабки манзил бўлди. Мазкур шоҳобча вилоятнинг Янгиобод, Зарбдор ва Зомин туманлари аҳолисига хизмат кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, газ тўлдириш шоҳобчаси ҳудудида маиший газ баллонларни синовдан ўтказиш хамда таъмирлаш маркази иш олиб бормоқда. Шоҳобчада 20 нафарга яқин малакали муҳандис ва техник ходимлар фаолият юритади.
Маълумки, юртимизнинг барча ҳудудларини ўз вақтида табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлашга эътибор кучаймоқда. Бироқ, аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлашда етарли қийинчиликлар ҳам бор. Масалан, тоғли маҳаллаларга суюлтирилган газни фақатгина махсус йўл танламас – автотранспорти билан олиб бориш имконияти мавжуд. Жумладан, “Зомин тумангаз” газ таъминоти бўлими хизмат кўрсатадиган 30 та маҳаладда жами 22 171 нафар суюлтирилган газ истеъмолчилари мавжуд бўлиб, аҳоли хонадонлари асосан тоғолди ҳудудларида жойлашган. Аҳоли хонадонларига шу вақтгача 2 200 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Тадбир иштирокчилари тоғли ҳудудлардаги истеъмолчилар билан суҳбатлашиб, уларнинг яратилаётган бу қулайликлар хусусидаги фикрлари билан қизиқди.
– Бизга узлуксиз суюлтирилган газ етказиб берилмоқда, дейди Қуриқ қишлоғида яшовчи Бувинисо Умирова. – Тўловларни амалга ошириш учун махсус ID карталар берилган. Мана шундай шароитлар юратиб берилаётганлиги учун раҳмат айтамиз.
Зомин тоғлари вилоят марказидан 150 километр узоқда ва денгиз сатҳидан 2400 метр баландликда жойлашган. Тумандаги Дуоба, Ўриклисой қишлоқлари марказдан қарийб 60 километр олисдаги ҳудудлар бўлсада аҳоли хонадонлари суюлтирилган газ баллонлари билан 35-40 кун оралиғида узлуксиз таъминланмоқда.
Пресс-тур давомида иштирокчилар шунингдек, жорий куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишлари билан ҳам яқиндан танишдилар.