Сир эмаски, Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритди. Бундан эса, Ўзбекистон ҳам мустасно эмас. Ватан ҳимоясига жалб этилган ўғлонлар қалбида юрт шаънини асраш мақсадида жангга кирдилар ва душманга мардларча қаршилик кўрсатиб, туғилиб ўсган тупроғини ҳимоя қилишди.
Жумладан, Зомин тумани, Пишағор қишлоғида истиқомат қилувчи Пирназар ота Ахмедов қонли урушниг тирик гувоҳидир. Бу инсон уруш сабабли беш давлатни кезиб, Берлин шаҳрига қадар борган, қонли жангдан “Катта сержант” унвони билан юртга қайтиб келган. Замонамиз қаҳрамони уруш йиллари билан ҳозирги мустақиллик замонимизни таққослар экан, биз яшаётган кунлар кўпчилик учун орзу бўлганини сўзлаб берди.
“Ўзбекистонга қайтишдан умидимизни узгандик”, - дейди ота ҳўрсинганича. Аянчли уруш кезларини эслагиси ҳам келмаган қаҳрамонимиз, истиқлол даврида у кишига бўлган эътибор ҳақида тўлқинланиб сўзлаб берди. Ҳар ой отанинг ҳолидан хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланаётгани ва энг қувонарлиси, соғлиғини сақлаш юзасидан бир кишилик иш ўрини очилиб, ҳамшира бириктирилгани нур устига аъло нур бўлди. Ота мустақиллик йилларига қадар бу каби эътиборни кўрмаганлигини таъкидлайди.
Ҳозирги тинч замонимиз учун курашган қаҳрамонимиз ҳар сафар дуога қўл очганида юртимиздаги тинчлик абадий бўлишини яратгандан сўрайди. Юз билан юзлашган отахон набира, эвара ва чеваралар бағрида, халқимиз эъзозида эканлигидан беҳад мамнун. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ҳозирда Зомин туманида 7 нафар уруш фахрийлари умргузаронлик қилмоқда.
Шерали Пирназаров
Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси
Жиззах вилоят бўлими қошидаги
“Ёш журналистлар” мактаби тингловчиси.