Қизиқарли:
Янгиликлар

Жиззахда журналистлар ўртасида спорт мусобақаси бўлиб ўтди

Поделиться:

27 июнь – “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” ҳамда “Жиззах овози” газетасининг 90 йиллиги муносабати билан журналистлар ўртасида спорт мусобақаси ташкил этилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Жиззах вилоят бўлими, “Жиззах овози” газетаси, вилоят спортни ривожлантириш бош бошқармаси мусобақани ўтказишда ўзаро ҳамкорлик қилдилар.

Мусобақа 2 та спорт тури – бадминтон ва мини-футбол бўйича бўлиб ўтди. Унда дастлаб, хотин-қизлар бадминтон бўйича ўзаро беллашдилар. Эътиборли томони иштирокчилар учун баҳслар олдилан спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби мураббийлари ва ўқувчилари томонидан айнан бадминтон бўйича мастер-класс ўтилди.

          Шундан сўнг, баҳсларга қўръа ташланиб, беллашувлар бошланди. Унинг якунлари кўра, Жиззах шаҳар телеканалининг мухбири Озода Ботирқулова биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи поғона “Жиззах ҳақиқати” газетаси ходимаси Хилола Ўктамовага насиб этган бўлса, Жиззах вилоят телерадиокомпанияси мухбири Ҳафиза Абдуллаева фахрли учинчи ўрин билан тақдирланди.

          Куннинг иккинчи ярмида мини-футбол баҳслари ташкил этилди. Унда оммавий ахборот воситалари ходимларидан ташқари, ахборот хизматлари ходимлари ҳам иштирок этишди. – “Биз одатда жисмоний тарбия ва спортни оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилишда иштирок этардик” – дейди “Жиззах ҳақиқати” газетаси бўлим муҳаррири Зоир Эргашев. – “Бугун эса ўзимиз бевосита спорт мусобақаси қатнашчиси бўлиб турибмиз. Ўйлашимча, бу каби спорт мусобақаларини нафақат байрам саналарида, балки доимий тарзда йўлга қўйилиши тарафдориман”.

          Қизғин ва муросасиз курашларга бой ўтган мусобақанинг учинчи ўрини учун “Жиззах” радиоканали ва Жиззах шаҳар телеканали ўзаро куч синашдилар. Унда телеканал ходимларининг қўли баланд келди. Ва ниҳоят финал ўйинида Жиззах вилоят телевидениеси ҳамда “Жиззах ҳақиқати” газетаси майдонга тушдилар. Беллашувда омад Жиззах вилоят телевидениеси жамоасига кулиб боқди ва улар мусобақа ғолиблигини қўлга киритишди.

          Ғолиб ва совриндорлар вилоят спортни ривожлантириш бош бошқармаси ҳамда “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти томонидан ажратилган эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Жиззахда журналистлар ўртасида спорт мусобақаси бўлиб ўтди

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшма Жиззах вилоят бўлими