Жиззах вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вилоят бошқармаси томонидан “COVID-19”га қарши кураш борасида олиб борилаётган ишлар ва кўрилиши лозим бўлган тезкор чоралар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими, вилоят Ахборот ва омммавий коммуникациялар бўлими билан ҳамкорликда уюштирилган тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар иштирок этишди.
Айни пайтда, коронавирус инфекцияси билан касалланган беморлар учун вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 185 ўринли махсус даволаш маркази ташкил этилган. Реанимация ўринлари сони 30 тани ташкил этади. Ўтган давр давомида вилоятда 6896 нафар фуқароларда коронавирус инфекцияси аниқланган ва уларнинг 6749 нафари тўлиқ соғайганлиги сабабли назоратдан чиқарилган. Даволаниш кўрсатгич 98 фоиз.
Аммо, бу ортиқча хотиржамликка берилишга асос бўлолмайди. Сабаби, коронавируснинг “омикрон” штамми бошқаларга қараганда анчагина юқумли ва қисқа муддатда аҳолининг катта қисмини зарарлаши мумкин. Шу боис айни пайтда карантин қоидаларига қатъий риоя қилиш, эмлаш тадбирларида фаол иштирок этиш ҳар қачонгидан-да муҳим эканлиги матбуот анжуманида қайд этиб ўтилди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий
уюшмаси вилоят бўлими мутахассиси Дилшод ЭРГАШЕВ