Жиззах вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бўлими ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда оммавий ахборот воситалари ходимлари, ахборот хизматлари раҳбарлари ва блогерлар иштирок этишди.
Маълумки, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида бутун мамлакатимиз бўйлаб кўчат экиш тадбирлари бугунги куннинг энг долзарб вазифалардан бири бўлиб турибди. Ташкил этилган матбуот анжуманида дастлаб масъуллар кўчат экиш ишларининг аҳамияти, экологик вазиятни барқарорлаштириш, ҳаво тозалигини яхшилашдаги ўрни борасида тўхталишди. Бевосита рақамларга эътибор қаратиб ўтсак, вилоятимиз бўйича куз ва баҳор мавсумларида жами 15 млн. 840 минг туп мевали, манзарали ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган. Бугунги кунга келиб, 800 мингга яқин кўчатлар ўтқазилган.
Бундан ташқари, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишда атмосферага чиқарилаётган зарарли газларнинг олиш” мавзусида вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимларининг маърузаси тингланди.
Одатга кўра, тадбир сўнгида йиғилганлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.
Д.Эргашев,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
вилоят бўлими мутахассиси