Жиззахда Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгаши томонидан матбуот анжумани ташкил этилди. Унда ҳудудий Кенгашнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари, келгусида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар тўғрисида маълумот берилди.
Эътиборли жиҳати, матбуот анжуманида “Коррупция – жамият кушандаси” мавзусида кўрик-танлови ўтказилиши эълон қилинди. Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгаши ҳамда Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ўтказилаётган танлов 9 декабрь “Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан ташкил этилмоқда.
Танловга 2021 йил 3 ноябрдан 25 ноябрга қадар расман газета-журналлар ва интернет нашрларида эълон қилинган мақолалар, радио ва телевидение каналларида эфирга узатилган материаллар қабул қилинади. Танловда “Энг яхши босма нашр мақоласи”, “Энг яхши телекўрсатув ва радиоэшиттириш”, “Энг яхши интернет мақоласи”, “Энг яхши видеоролик”, “Энг яхши баннер ёки тасвирий санъат асари” каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланади.
ОАВлари, фуқаролик жамияти институтлари билан йўлга қўйилаётган ҳамкорлик шубҳасиз, коррупцияга қарши курашда муҳим аҳамиятга эга.