Маҳорат дарси
Ҳозирги шиддатли янгиланишлар замонида ахборотнинг ўрни ниҳоятда беқиёс. Сабаби ҳар қандай янгилик инсоннинг руҳиятига таъсир этиш кучига эга. Афсуски, турли ижтимоий тармоқларда учраётган ёлғон хабарлар ҳам талайгина. Бу эса ҳар биримиздан ҳушёрликни, расмий ва ишончли сайтларни кузатиб боришимиз кераклигини тақозо этади.
Бугун Жиззах вилояти журналистлар ижодий уюшмаси қошидаги “Ёш журналистлар мактаби”да Ўзбекистон миллий ахборот Агентлигининг Жиззах вилояти муҳбири Тошқул Бекназаров билан “Журналистика бугун ва эртага” мавзуида маҳорат дарси ташкил этилди. Ўзининг 51 йиллик журналистик фаолияти билан ўқувчиларни таништирар экан Тошқул ака бу касбнинг нони нақадар қаттиқ бўлишини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди. Дарҳақиқат, журналистика энг машаққатли касблардан саналади. Дунё бўйича бу касб эгаларининг ўртача ёши 41 ёш саналар экан. Албатта, бу жуда ачинарли, бироқ бор гап.
- Гапираётган, ҳар бир гапингизга ўзингиз масъулсиз, - деди Тошқул ака. –Сабаби халқ сизга ишонч билан термулиб туради, бу ишончни оқламоқ эса ҳар биримизнинг олий вазифамиз. Ёзаётган мақолангиз аниқ маълумотларга таяниши керак. Акс ҳолда унга ёлғон аралашиши мумкин.
Мактабимизда ўта қизиқувчан ўқувчилар ҳам кўп-да, баъзи берилган саволлар устозни ўйлантириб ҳам қўйди.
- Икки йил кабинетсиз ишлаган кунларимиз ҳам бўлди, бироқ ҳаммасига сабр қилдик. Сабаби, албатта касбга бўлган муҳаббатимизда, деб ўйлайман, - дейди Тошқул ака Муроднинг саволига жуда тўлқинланиб кетганидан. Баъзан, қайси соҳада бўлманг бундай муаммолар, қийинчиликлар учраб туради. Асосийси муна шу синовлардан ўтиб олишда, шундагина сиз тобланган бўласиз. – Мен яхшигина тобландим десам сира янглишмаган бўлсам керак!
Маҳорат дарси қизғин баҳс-мунозалар билан завқли ўтди. Айтгандек, устоз Тошқул Бекназаровнинг ёши бизга номаълумлигича қолди. У 51 йиллик малакага эга катта журналист бўлса-да жуда ёш кўринади. Биз 17 ёшида фаолиятини бошлаган деб таҳминладик, яна ким билсин дейсиз?! Тошқул акадек фидойи устозлар ватанимиз учун ниҳоятда зарур. Устознинг ҳамиша сўзи бутун бўлсин. Умри давомидаги саёҳатининг эса мазмунли ўтмоғини тилаб қоламиз. Доимо соғ-омон бўлсинлар!
Сарвиноз МАМАНОВА,
Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси
Жиззах вилояти бўлими қошидаги
“Ёш журналистлар мактаби” тингловчиси,
ЎзЖОКУ талабаси.