Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасида “Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги ислоҳотлар” мавзусида матбуот анжумани ва пресс-тур ташкил этилди.
Вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигидаги тадбирда оммавий ахборот воситалари, ахборот хизматлари раҳбарлари ва блогерлар иштирок этишди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 32 минг 335 нафар фуқарога ID карталари берилган бўлса, 53 минг нафардан ортиқ шахсларга хорижга чиқиш паспортлари расмийлаштирилди. Бунинг учун миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари 17 та махсус қурилмалар билан таъминланди. Хорижга чиқиш паспортини олиш, ID карталарни расмийлаштириш ишлари анча соддалаштирилганлиги алоҳида таъкидланди.
Матбуот анжумани давомида, республикамиз ҳудудига 2005 йилга қадар кўчиб келган, доимий рўйхатдан ўтиб яшаб келаётган 556 нафар фуқаролиги йўқ шахсларга паспорт расмийлаштирилганлиги, 900 нафарга яқин хорижий фуқароларнинг виза муддатлари узайтирилганлиги борасида ҳам маълумотлар берилди. Журналистлар, блогерларнинг саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари учун пресс-тур ташкил этилиб, йиғилганлар бевосита иш жараёни, бу ерда фуқаролар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.